Он-лайн конференцияregion.uz Фонд Форумнинг ўзига хос лойиҳаларидан бири - йил якунларига бағишланган он-лайн конференция Ёшлар ижод саройида 200 га яқин таниқли инсонларни йиғди.
Икки ярим соат давом этган тадбир мобайнида Жамғарма вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, машҳур инсонлар, эстрада ва кино юлдузлари, Фонд Форум лойиҳа ва дастурлари ғолиблари — бир сўз билан айтганда, йил давомида ушбу ташкилот фаолиятига у ёки бу тарзда ҳисса қўшганларнинг барчаси интернетдан келиб тушган икки мингдан ортиқ саволларга жавоб қайтаришди. Улар орасида таниқли рассом Акмал Нур, "Осиё рамзи" Модельерлар ассоциацияси раиси Холида Комилова, Абдуҳошим Исмоилов, дзюдо бўйича Осиё чемпиони, Пекинда ўтказилган Олимпиада ўйинларининг кумуш медаль соҳиби Абдулла Тангриев, "Дом стиля" дизайнерлари Марат Нематов, Саида Амир ва Дилдора Қосимова, "Келажак овози" маркази раҳбари Баҳодир Шарофов, "Янги авлод" фестивали ҳакамлар раиси Дилдора Жамолова, санъатшунос Акбар Ҳакимов, кинорежиссёр Рустам Саъдиев, актёрлар Мурод Ражабов, Улуғбек Қодиров, Азиз Ражабов ва бошқалар, Ўзбекистон ёш томошабинлар театри раҳбари Наби Абдураҳмонов, постановкачи режиссёр Рустам Шамсиддинов, ёш кулол Алишер Раҳимов, Миллий кредит бирлашмалари ассоциацияси раиси Хадича Жафарова, эстрадамиз юлдузлари Зулайҳо Бойхонова, Самандар, Райҳон, Манзура, Зиёда, Ойбек ва Нигора, "Божалар" гуруҳи ва бошқа кўплаб иштирокчиларнинг исмларини тилга олиб ўтиш мумкин.
Конференция ўтказилган залга 30 дан ортиқ компьютер ўрнатилиб, уларнинг ҳар бирида 3-4 нафар иштирокчи саволларга жавоб йўллаган бўлса, алоҳида давраларда маданият ва санъат арбоблари, эстрада хонандалари, ёшлар ва ОАВ вакиллари ўртасида мунозаралар ўтказилиб, йил якунлари, амалга оширилган лойиҳалар самараси ва келажак режалар муҳокама қилинди.
Он-лайн конференция иштирокчиларининг таъкидлашларича, ушбу тадбир фикрлар алмашуви, қизиқарли ғоялар муҳокамаси, шунингдек, мухлислар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун ажойиб имкониятдир. Бундан ташқари одатий йил якунлари сарҳисобидан ўзининг ноёблиги, янгича ва замонавийлиги билан ажралиб туради. Жамғарма вакиллари учун эса мазкур тадбир маданият ва санъат арбоблари, кенг омма, Фонд Форум лойиҳалари ғолиблари фикрларини ўрганиш, амалга оширилган ишлар натижаларига четдан баҳо бериш, яқин келажакка мўлжалланган режаларни белгилаб олиш имконини беради.
"Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси халқимиз маданиятини хорижда тарғиб этиш, ўзбек санъатининг ўзига хос ютуқларини жаҳонга кенг ёйишда жонбозлик кўрсатиб келаётгани кўпчиликка маълум. Жамғарманинг бу борадаги бир-биридан қизиқарли тадбирлари унинг нуфузи кундан-кунга ошиб боришига сабаб бўлмоқда.
Шуни айтиб ўтиш керакки, 2008 йилда жамғарма фаолияти ҳақиқатан ҳам ўзининг самарадорлилиги, серқирралиги билан ажралиб турди. Амалга оширилган 200 дан ортиқ йирик лойиҳалар орасида "Асрлар Садоси" анъанавий маданият фестивали, "Янги Авлод" болалар ижодиёти фестивали, "Келажак овози" ёшлар танлови, "Навқирон Ўзбекистон" анъанавий ва замонавий санъат фестивали, Таълим грантлари дастури, Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури, Педагогик грантлар дастури, Style.UZ мода ва дизайн ҳафталиги, M&TVA мусиқа ва теле-видео асарлари номинацияси тақдимоти кабилар бўлиб, бугунги кунда улар мамлакатимиз маданий ҳаётидаги энг муҳим тадбирларга айланиб улгурди.
Жумладан, бу йилги "Янги авлод" болалар ижодиёти фестивалида ҳар йилдагидан кўп, яъни 16000 нафарга яқин иштирокчи қатнашиб, уларнинг қарийб 500 нафари совринли ўринларга лойиқ топлиб, улар орасида ижодий жамоалар ҳам бор. Улар мумтоз ва миллий чолғулар, вокал, рақс, тасвирий ва амалий санъат, шеърият, адабиёт ва театр сценарийси йўналишлари бўйича ўзаро беллашадилар. Айтиш мумкинки, "Янги авлод" юртимиздаги жамики истеъдодли болаларнинг энг сара орзуларини рўёбга чиқармоқда, Фестиваль туфайли улар севимли хонандалари билан бир саҳнада ўз истеъдодларини намоён этиш имконига эгалар. Бу йилги совриндорларнинг исмлари якуний гала-концерт доирасида эълон қилинди. Улар ўзбек эстрадаси юлдузлари қўлидан соврин олишди. Бу йилги "янги авлодчи"ларни қўллаб-қувватлаш учун якуний гала-концертга Абдулла Шомаърупов, "Сурхон" гуруҳи, Зиёда, Самандар, Райҳон, Ойбек ва Нигора каби эстрада юлдузлари ташриф буюришди. Уларнинг фестиваль лауреатлари билан дуэтлари барчани ҳайратда қолдирди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Келажак овози" иқтидорли ёшлар танлови изланувчан, фаол йигит-қизларни аниқлаш, рағбатлантириш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишида яқиндан кўмаклашмоқда.
2008 йили пойтахтимизда бир ҳафта давом этган танловнинг якуний босқичида 600 нафар истеъдодли ёшлар "Тасвирий ва амалий санъат", "Ахборот ва коммуникация технологиялари", "Рационализаторлик таклифлари, техник лойиҳалар ва ишланмалар", "Ижтимоий лойиҳалар ва бизнес-режа, "Архитектура ва дизайн". "Бадиий ижод", "Спорт" каби йўналишларда ўз маҳоратларини намоён этдилар. Танловга тақдим этилган лойиҳалар юқори савияси ва сифати билан кўпчилик эътиборини тортди. "Ахборот ва коммуникация технологиялари" йўналиши иштирокчиси Улуғбек Эшонқуловнинг "Ўзбекистон электрон тиббий энциклопедияси" веб-сайти, "Рационализаторлик таклифлари, техник лойиҳалар ва ишланмалар" йўналиши иштирокчиси бухоролик Гулноза Абдуллаеванинг "Электрон харита" лойиҳаси, "Архитектура ва дизайн" йўналиши иштирокчиси фарғоналик Малика Шамсуддинованинг миллий ва замонавий либослар тўплами шулар жумласидандир. 2008 йили танловнинг 150 нафар ғолибларига дипломлар топширилди.
Мана, бир неча йилдирки, Фонд Форум ҳамда "Меҳр нури" жамғармалари истеъдодли ўқил-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли танлов ва грант лойиҳалари ўтказиб келмоқда. Таълим грантлари Иқтидорли табалар учун стипендиялар ҳамда Спорт грантлари дастурлари ғолибларини тақдирлаш маросими Ёшлар ижод саройининг улкан саҳнасида ўтказилиб, улкан саҳна дастурларнинг барча ғолибларини сиғдиролмай қолди. 2008 йилда Таълим грантлар соҳиблари 56 нафарни, грант тўлаш муддати чўздирилганларни сони 43 нафарни, Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури ғолиблари сони 100 нафарни (стпендия тўлаш чўздирилганлар сони 21 нафар), Спорт грантлари совриндорлари сони 41 нафарни ташкил этди. 2008 йилги Спорт грантлари ғолиблари ёш бўлишига қарамай, Осиё ва Жаҳон бўйлаб ўтказилган турли мусобақаларда салмоқли натижаларга эришган ўғил-қизлардан иборат бўлганлиги эътиборга сазовор. Масалан, енгил атлетика бўйича Осиё чемпиони 18 яшар Бобур Шокиржонов яқинда Пекинда ўтказилган "Олимпиада-2008" да мамлакатимиз вакили сифатида иштирок этган, Габит Есимбетов эса тақдирлаш маросимидан бир кун олдин дзю-до бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашган ва бронза медалига сазовор бўлганди.
Ёшлар ижод саройи саҳнасида мамлакатимиз Олимпиада чемпиони Абдулла Тангриев ёш спортчиларга грантларни тадим этганди.
Фонд Форум турли дастур ва лойиҳалар доирасида ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда бир йил ичида 623 та грантга умумий миқдорда 356,945 млн. сўм маблағ ажратди. Шунингдек, жамғарма кўмагида мактабларни капитал таъмирлаш, болалар боғчалари, поликлиникалар ва тиббиёт марказларига 1,250 млрд. сўм сарф этилди.
Фонд Форум лойиҳалари замирида 2008 йил мобайнида янги муассаса ва маказлар очилган бўлиб, "МЕРОС" Ўзбекистон антикварлари ассоциацияси, "Чемпионлар форуми" спорт мажмуаси, "Келажак-тур" халқаро ёшлар туризми ва ҳамкорлиги бюроси, "Kelajak Lingvo" тил маркази ва бошқалар тўлақонли фаолият кўрсатиб келмоқда.
Айниқса, Қашқадарё вилоятнинг Қайнар қишлоғида ўтказилган "Асрлар садоси" фестивалида 45 минг киши иштирок этгани эътирофга сазовор. Анъанавий маданият фестивалининг "Асрлар садоси" деб номланганлиги ҳам унинг йўналишини кўрсатиб турибди. Мақсад В халқимизнинг умрбоқий анъана ва удумларини, мусиқа, рақс, миллий ҳунармандчилик ва амалий санъати, халқ оғзаки ижоди билан ёшларни таништиришдан иборат. Бундан ташқари, фестивалга кўплаб чет эллик меҳмонлар, дипломатик корпуслар вакиллари келишди. Фестивалнинг юқори савияда, чинакам маданият байрами сифатида ўтиши учун ҳамма шароит яратилди. Фольклор ансамблларининг чиқишлари, бахшилар беллашуви, концерт, шоу дастурлар, миллий либослар кўргазмаси, амалий санъат кўргазма-ярмаркаси, миллий пазандалик анъаналари намойиши, улоқ, кураш ва бошқа спорт ўйинлари хорижликларда катта тассурот қолдирди. Табиат қўйнида сайл тарзида ўтказилган Асрлар садоси" фестивали мамлакатимиз маданий ҳаётида салмоқли ўрин эгаллагани шубҳасиз.
Франциянинг Иер шаҳрида Халқаро мода ва фотография фестивали, илк маротаба ўтказилган Миллий кино фестивали, Жамғарманинг беш йиллигига бағишланган Совринли ўйин сингари тадбирлар ҳам эътиборга молик. Қолаверса, Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилган "Ўзбек санъати кечаси" Ўзбекистоннинг миллий меросини жаҳон ҳамжамиятига таништиришда муҳим роль ўйнагани шубҳасиз. Аслида жамғарманинг асосий мақсади ҳам ана шу — юртимизнинг миллий анъана ва удумларини қайта тиклаш, иқтидорли ёшлар, ижодкор сулолаларни қўллаб-қувватлаш, халқимизнинг ноёб маданияти, бой тарихий мероси ҳамда замонавий санъатининг ранг-баранглигини дунёга тарғиб этишдан иброратдир. Ишонч билан айтиш мумкинки, жамғарма бугун ушбу эзгу режаларни шараф билан уддалаб келмоқда.
Фонд Форум томонидан кейинги йилларда амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат мамлакатимиз, балки хорижий давлатларда ҳам кўпчиликнинг эътиборини қозониб улгурди. Бу эса ўзбек маданияти ва санъатини жаҳонга кенг тарғиб этиш, ёш истеъдод эгаларини аниқлаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадни ўз олдига қўйган жамғарманинг саъй-ҳаракатлари беcамар кетмаётганидан, у тобора янги-янги ташаббуслар бунёдкорига айланиб бораётганидан далолатдир.
Жаҳон ҳамжамияти учун Фонд Форум ўзбек маданиятини халқаро майдонга олиб чиқувчи ўзига хос кўприкдир. Жамғарма ЮНЕСКО сингари етакчи халқаро ташкилотнинг яқин ҳамкори ҳисобланарди. Бу йили эса шундай ҳамкорлар сони анада ортди: Британия Кенгаши, Швейцария ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги, Хитойнинг энг йирик жамоат ташкилоти Сун Цинлинь фонди билан имзоланган ҳамкорлик ҳужатлари жамғарманинг муваффақиятли фаолият юритаётганини яна бир бор исботлади.
Фонд Форумнинг ваколатхоналари бугунги кунда Пекин, Москва, Токио ва Парижда фаолият юритиб келмоқда. Яқин кунларда Женевада (Швейцария) жамғарманинг яна бир бўлаги ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда. Бундан ташқари, Россия, Буюк Британия, Миср, Хитой, Япония, Франция, Люксембург, Бельгия ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилган.
Фонд Форум амалга оширган лойиҳалар ўзининг янгича ёндошуви, жаҳон андозаларига жавоб бериши билан ажралиб туради. Ташкилотнинг муваффақияти ҳам шунда. Ҳар бир соҳага янгича ёндашиш, Ўзбекистоннинг дунё нигоҳидаги қиёфасини ўзгартириш, унга янгича замонавий ва миллий ўзига хослик бағишлаш. Бугун жамғарманинг ота-боболаримиздан қолган анъанаю урф-одатларни тиклаш, авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий санъатимизни янги даражаларга кўтариш, халқимизнинг қадимий маданиятини замонавий руҳият билан уйғунликдаги янги қирраларини кашф этиш учун қилаётган ишларини ҳеч қанча маблағ билан ўлчаб бўлмайди.
Манба: http://www.region.uz/news.php?id=961&lan=uz
© «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, 2004—2012
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Фонд Форумнинг веб-сайтидаги мақолалар ва бошқа материалларни ёзма рухсатдан бошқа йўллар орқали кўчириш, акс эттириш (жумладан, Интернет тизимидаги сайтларда тасвирлаш ёки таҳлил қилиш), қайта ишлаш, тарқатиш, эфирга узатиш, Фонд Форум веб-сайтининг мақолалари ва бошқа материаллардан ҳар қандай усулда фойдаланиш таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигида кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилади.
Манзил: Тошкент ш., Ўзбекистон шохкўчаси, 80
Тел/Факс: (998 71) 239-2771, 239-2774