2012-01-27

Юртимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ҳаёт учун!” хайрия форум-марафонига бағишланган тренинг ўз ниҳоясига етди. Сьюзан Комен (Susan G. Komen for the Cure) кўкрак саратонига қарши кураш фондининг халқаро элчиси Донна Сандерсен (АҚШ) форум-марафон лойиҳаси ташкилий қўмитаси вакиллари учун икки кунлик тренинг ўтказди. Донна Сандерсен Сьюзан Комен номидаги фонднинг кўкрак бези саратонига қарши кураш ҳамда турли мамлакатларда “Race for the Cure” (Шифо топиш учун югуриш) лойиҳасини ўтказиш борасидаги кўпйиллик тажрибаси билан ўртоқлашди. Тренинг иштирокчилари ўзаро фикр алмашиб, келгуси ҳамкорлик режаларини тузиб олишди.
Тренинг чоғида “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси, “Аёллар кенгаши” РЖБ ҳамда Фонд Форум вакиллари марафонни ўтказиш кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиб, марафон иштирокчилари сонини ошириш, уни янада қизиқарли ва самарали ўтказишда қўл келиши мумкин бўлган янги ғоялар таклиф этишди.
“Race for the Cure” марафонлари ҳар бир давлатда ўзига хос маҳсулотлар, футболкалар дизайнига эга, улардан тушган маблағ аёлларга ташҳис қўйиш ва улар учун дори-дармонлар ҳарид қилишга сарфланади. Айниқса, реклама шитлари, ташкилотчилар сайти, оммабоп ижтимоий интернет тармоқларидан фойдаланган ҳолда кенг аҳоли қатламини шундай хайрия акцияларидан бохабар қилишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
- Бизнинг ташкилот кўкрак бези саратонига қарши кураш бўйича жаҳонда етакчи саналади. Ҳар йили турли мамлакатларда марафонлар ўтказамиз. Бу йили Ўзбекистондаги “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси билан ҳамкорлик келишуви имзоладик. Кўкрак бези саратони ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш, касалликни барвақт аниқлаш, ўлим сонини камайтириш сингари умумий мақсадларимиз ҳамкорлигимиз самарали ва фойдали бўлишига замин яратиши шубҳасиз. Апрель-май ойларида “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси билан биргаликда хайрия марафони ўтказиш, ушбу соҳада келгуси ҳамкорликни муҳокама қилиш, биргаликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш устида бош қотираяпмиз. Мен кўпгина мамлакатларнинг ушбу касаллик бўйича ташкилотлари билан ишлаганман. Айтиш керакки, “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси ишни юқори савияда ташкил эта олиши, фаолиятининг самарадорлиги билан ажралиб туради. Ўзбекистон хайрия марафонлари ва кўкрак бези саратонига қаратилган бошқа тадбирларни ўтказишда керакли тажрибага эга, ушбу тажриба бошқа мамлакатлар учун ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман.
Ўзбекистон Сьюзан Г. Комен номидаги жамғарма билан ҳамкорлик меморандуми имзолаган Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги ягона мамлакат, марафон ўтказишда фонд ҳамкорига айланган сон бўйича 14-давлатдир. Форум-марафондан кўзланган асосий мақсад кўкрак бези саратони ҳақида батафсил маълумотлар бериш, уни барвақт аниқлаш, касалликка чалинган аёллар ва уларнинг оиласига моддий ва маънавий кўмак кўрсатишдир. Марафонлардан тушган маблағ аёллар учун бепул текширувлар ўтказиш, турли акциялар ҳамда дори-дармонлар билан таъминлашга сарфланади.
© «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, 2004—2012
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Фонд Форумнинг веб-сайтидаги мақолалар ва бошқа материалларни ёзма рухсатдан бошқа йўллар орқали кўчириш, акс эттириш (жумладан, Интернет тизимидаги сайтларда тасвирлаш ёки таҳлил қилиш), қайта ишлаш, тарқатиш, эфирга узатиш, Фонд Форум веб-сайтининг мақолалари ва бошқа материаллардан ҳар қандай усулда фойдаланиш таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигида кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилади.
Манзил: Тошкент ш., Ўзбекистон шохкўчаси, 80
Тел/Факс: (998 71) 239-2771, 239-2774