2012-01-25

Нью-Йоркда ўзбек классик мусиқаси – шашмақомни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар мажмуи бўлиб ўтди. “Shashmaqam Forever” фестивали ташкилотчилари: Фонд Форум, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллиги, АҚШнинг Анъанавий мусиқа ва рақс маркази, АҚШ ва Канададаги бухоролик яҳудийлар конгресси. Фестиваль доирасида АҚШдаги энг нуфузли саҳналардан бири – Карнеги Холлда ўзбекистонлик мақомчилар концерти ҳамда “XXI асрда шашмақом” деб номланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Нью-Йорк шаҳар ревизори Жон Лу йиғилганларга табрик сўзи йўллади:
- Мазкур концерт Нью-Йорк шаҳри маданий ҳаётида муҳим ва ёрқин ҳодисалардан бирига айланиши, шаҳримиз аҳолисини мусиқа соҳасида тенгсиз истеъдодларга бой бўлган Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий мероси, ноёб санъати билан яқинлаштиришда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз.
Тадбирда, шунингдек, Марказий Осиё халқлари мусиқаси соҳасидаги таниқли мутахассис, Дартмунд университети профессори, мусиқа соҳасидаги қатор китоблар муаллифи Теодор Левин иштирок этди:
- Ўзбекистонда Турғун Алиматов билан учрашишга муваффақ бўлганман. Бугун Нью-Йоркнинг нуфузли концерт залида унинг асарларини эштиш имкониятиимиз борлигидан хурсандман. Барча сирли шашмақом мусиқасидан яхши таассуротлар олишини тилайман.
Хонанда ва мусиқачилар шашмақомнинг турли йўналишлари ва Т. Алиматов асарларидан парчалардан иборат мураккаб дастурни қойилмақом қилиб, кўтаринки руҳда ижро эитишди.
Мазкур тадбир муносабати билан Ўзбекистондан махсус ташриф буюрган Турғун Алиматовнинг ўғиллари Алишер ва Валишер Алиматовлар, унинг набираси, хонанда Аброр Зуфаров АҚШлик ҳамкасблари - Авром Толмасов, Эзро Малаков, Рошель Рубинов, Шумиэль Толмасов, Рафаэль Бадалбаев, Роман Толмасов, Абдураим Ҳамидов, Иосиф Абрамов ҳамда Ошер Бараевга муносиб рақиб бўлишди. Барча иштирокчиларга классик мусиқани ривожлантиргани учун фахрий грамоталар тақдим этилди.
Концертнинг кейинги куни “XXI асрда шашмақом” деб номланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиб, у Ўзбекистон мусиқа санъати арбоби Турғун Алиматов (1922-2008) таваллудининг 90 йиллигига бағишланди. Анжуманга Дартмунд университети профессори Т. Левин, Тошкент консерваторияси профессори О. Матёқубов, Нью-Йорк университети профессори Э. Рашорт сингари жаҳонга машҳур олимлар ва мутахассислар таклиф этилди. Анжуманда шашмақом мусиқасининг салоҳияти, унинг ривожланиши ва АҚШда оммалашувидаги муаммолар, XXI асрдаги истиқболлари масалалари муҳокама этилди. Хусусан, Ўзбекистон халқлари маданияти тарихида шашмақомнинг аҳамияти, Т. Алиматовнинг ижодий ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Анжуман якунига кўра, АҚШда шашмақомни ўрганиш ва оммалаштиришга қаратилган шундай тадбирларни ҳар йили ўтказишга қарор қилинди.
© «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, 2004—2012
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Фонд Форумнинг веб-сайтидаги мақолалар ва бошқа материалларни ёзма рухсатдан бошқа йўллар орқали кўчириш, акс эттириш (жумладан, Интернет тизимидаги сайтларда тасвирлаш ёки таҳлил қилиш), қайта ишлаш, тарқатиш, эфирга узатиш, Фонд Форум веб-сайтининг мақолалари ва бошқа материаллардан ҳар қандай усулда фойдаланиш таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигида кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилади.
Манзил: Тошкент ш., Ўзбекистон шохкўчаси, 80
Тел/Факс: (998 71) 239-2771, 239-2774