Ru En
Uz
Jp

Гоҳ жўшиб, гоҳ сокинлашиб...

2012-01-21

Гоҳ жўшиб, гоҳ сокинлашиб...

...кўнгилларга ором бахш этувчи соҳир мусиқа, мухлислар юз-кўзида балққан мамнун табассум, гулдурос қарсаклар, гуллар... Ёш иқтидор соҳиби скрипка устаси Нилуфар Муҳиддинованинг 21 январь куни В. Успенский номидаги РИМАЛ Катта залида ўтказилган концерти мухлислар кўнглидан чуқур жой олди. Фонд Форум, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, В. Успенский номидаги РИМАЛ томонидан ташкил этилган концертга мусиқа мактаблари, бадиий коллежлар ўқитувчи ва ўқувчилари, классик мусиқа ва ёш истеъдод ижоди мухлислари ташриф буюришди.

Ёш ўзбек скрипкачисининг концерт дастури қуйидаги классик бастакорлар асарларидан иборат бўлди: А. Вивальди, П. Чайковский, Р. Глиэр, Ф. Крейслер, Н. Паганини, М. Понсе, У. Кролл, Н. Зокиров. Уларнинг аксариятини Нилуфар биринчи маротаба ва юксак маҳорат билан ижро этди.

Нилуфар Муҳиддинова В. Успенский номидаги РИМАЛнинг 1-босқич талабаси. Республикамиз миқёсида ҳамда Франция, Исроил, Россия, Украина, Беларусияда ўтказилган халқаро танловлар совриндори. Шунингдек, у “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали лауреати, Ёшлар симфоник оркестри жамоаси аъоси сифатида Фонд Форумнинг гранти соҳбидир. У Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, Москва шаҳри Симфоник оркестри, Ришон ле-Цион ва Раанана (Исроил) симфоник оркестрлари, “Ўзбекистон солистлари”, “Туркистон” камера оркестрлари сингарилар билан бирга концертларда иштирок этган. 2009 йил Парижда ЮНЕСКО бош қароргоҳида Тошкентнинг 2200 йиллилига бағишлаб ўтказилган концертда Фонд Форум кўмаги билан иштирок этган.

Гоҳ жўшиб, гоҳ сокинлашиб... Гоҳ жўшиб, гоҳ сокинлашиб...

Унинг ўқитувчилари, курсдошлари, мухлислар ва Нилуфарнинг ўзи 21 январь куни ўтказилган концерт хусусида шундай дейди::

Марк Зайко, ўқитувчи, хизмат кўрсатган маданият ҳодими, Ўзбекистон Давлат консерваторияси фахрий профессори:

- Нилуфарни энг яхши ўқувчиларимдан бири деган бўлардим. Ҳақиқий мусиқачи бўлиш учун истеъдоднинг ўзи етарли эмас, маҳорат чўққисига етиш йўлини севиш жоиз бўлади. Бу ўз устида бетиним ишлаш, машаққатли меҳнат қилиш, ўз кўникмаларини ривожлантириб бориш кабиларни ўз ичига олади. Бу қизалоқ шундай характер ва ижодий салоҳиятга эга. Яъни у қунт ва матонати, тиришқоқлиги билан мамлакатимизнинг энг ёрқин юлдузларидан бирига айлана олади!

Мадина Содиқова, Тошкент шаҳридаги №28-мусиқа ва санъат болалар мактаби ўқитувчиси:

- Нилуфар ҳақида кўп эшитганман. Юртимиз ва хорижий мамлакатларнинг энг муашҳур мусиқий жамоалари билан ишлагани унинг иқтидори баланд эканидан далолат беради. Шу боис ҳам концерти бўлишини эшитишим билан ўқувчиларимни ҳам олиб келишга шошилдим.

Дилдора Жамолова, В. Успенский номидаги РИМАЛ директори:

- Фонд Форум кўмаги билан ташкил этиладиган бундай концертлар гўзаллик ихлосмандлари учун ҳақиқий байрам. Бошқа томондан тарбияланувчиларимиз маҳоратини кўрсатиб қўйиш имкони бу. “Янги авлод”, “Келажак овози” сингари лойиҳалар юртимизнинг турли чеккаларида яшаётган иқтидорларни кашф қилишга ёрдам беради. Уларнинг кўпчилиги бизнинг лицейда таҳсил олади. Фонд Форум истеъдодларимизга Эннио Морриконе, Игорь Крутой, Владимир Спиваков сингари тажрибали, машҳур санъаткорлар ижоди билан танишиш, уларнинг концертида бевосита ишитрок этиш учун шароит яратмоқда. Буларнинг бари ёшларимиз учун катта илҳом манбаи ва тажриба майдонидир.

Гоҳ жўшиб, гоҳ сокинлашиб... Гоҳ жўшиб, гоҳ сокинлашиб...

Олег Василевский, В. Успенский номидаги РИМАЛ 1-босқич талабаси:

- Бундай концерт тайёрлаш учун узоқ вақт меҳнат қилиш талаб этилади. Менга айниқса, австриялик бастакор Фриц Крейслернинг “Севги азоблари”, “Гўзал розмарин” ҳамда “Севги қувончи” вальслари ижроси ёқди. Хаттоки, ўрнимдан туриб, қўлимга скрипка олгим ва у билан бирга ижро этгим келди.

Нилуфар Муҳиддинова, В. Успенский номидаги РИМАЛ ўқувчиси:

- Бу концертни кичик имтиҳон деб аташ мумкин. У келгуси ривожланиш учун туртки ҳам бўла олади. Гарчи турли шаҳарлар саҳнасида кўп маротаба чиқиш қилган бўлсам-да, айнан Тошкентда, қадрдон ўқув масканим саҳнасига чиқиш масъулиятлироқ эканини ҳис этдим. Гап меҳмонларнинг кўплигида эмас. Сени тарбиялаб вояга етказган, билим ва маҳоратини сенга сарфлаганлар олдида ўрганганларингни намойиш этиш одамни ҳаяжонга солади. Концертнинг “Мустаҳкам оила йили”га бағишланиши ҳам бежиз эмас. Аслида барча ижро этган асарларимни яқинларим, қадрдонларим, деярли барчаси мусиқачи бўлган оила аъзоларимга бағишладим. Онам Ангелина Ўзбекистон Давлат консерваториясини виолончель йўналиши бўйича тамомлаган. Отам Олим ака №23-мусиқа ва санъат мактаби директори, укам Илхом мусиқачи фаолиятини энди бошламоқда.

Матбуот биз ҳақимизда

uzreport.com
buxoronoma.uz
"ИнтерФутбол"
uzssgzt.uz
iqbol.uz
region.uz
Нашрлари архиви

© «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, 2004—2012

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Фонд Форумнинг веб-сайтидаги мақолалар ва бошқа материалларни ёзма рухсатдан бошқа йўллар орқали кўчириш, акс эттириш (жумладан, Интернет тизимидаги сайтларда тасвирлаш ёки таҳлил қилиш), қайта ишлаш, тарқатиш, эфирга узатиш, Фонд Форум веб-сайтининг мақолалари ва бошқа материаллардан ҳар қандай усулда фойдаланиш таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигида кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилади.

Манзил: Тошкент ш., Ўзбекистон шохкўчаси, 80
Тел/Факс: (998 71) 239-2771, 239-2774